Русский Ўзбекча English

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон жадал иқтисодий ўзгаришларни бошдан кечирди ва халқаро ҳамжамиятда бизнес ва инвестициялар учун турли хил тўсиқларини бартараф этишда очиқлик, янгиланиш ва қатъиятлилик рамзларидан бири сифатида тобора кўпроқ намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг "Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунини самарали ижро этилиши учун инвесторлар билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ҳокимликлар, хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва тижорат банклари раҳбарлари ўринбосарларидан иборат бўлган давлат ҳокимият органлари ҳамкорлигининг 4 босқичли механизми муваффақиятли йўлга қўйилган. Ушбу механизм инвесторларнинг барча сўровларига тезкор жавоб қайтариш ва қонунда назарда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилишининг самарадорлигини керакли тарзда назорат қилиш имконини беради.

Шу нуқтаи назардан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кўмаги билан тузилган, Республикада фаолият юритаётган инвесторлар билан бевосита мулоқотни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг ролини таъкидлаш муҳим аҳамиятга эга.

Халқаро ҳакамлик судлари институтининг ривожланиши ҳам фаол қўллаб-қувватланмоқда. Ўз навбатида, бу мамлакат инвестиция муҳитининг муҳим ва тизим ташкил этувчи таркибий қисми бўлган қонун устуворлигини ҳамда давлат ва маҳаллий инвесторлар зиммасидаги мажбуриятларнинг тўғри бажарилишини таъминлайди.

Шу билан бирга, жаҳон амалиёти ва тажрибаси шуни кўрсатадики, бизнеснинг инвестиция ва инновацион фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни энди оддий воситалар билан, яъни имтиёзлар бериш ёки янги декларатив меъёрларни нашр этиш билан ҳал қилишнинг имкони йўқ.

Хусусий инвестицияларни фаоллаштириш учун тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш талаб этилади. Бизнес билан доимий мулоқот, муайян секторларнинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган тўсиқларни аниқлаш ва енгиб ўтиш бўйича астойдил иш олиб бориш керак. Шу муносабат билан қуйидаги йўналишлар бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Биринчидан, иқтисодий ўсишнинг бир маромдаги юқори ва барқарор суръатларини сақлаб қолиш учун мамлакат иқтисодиётининг барқарор ва рақобатбардош, банк тизими активларининг катта қисми хусусий инвесторлар қўлида бўлган моделини шакллантириш зарур.

Иккинчидан, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан бири бўлган инфратузилмага йўналтирилган инвестицияларининг жадал ўсишини таъминлаш мақсадида давлат-хусусий шериклик ва лойиҳаларни молиялаштириш воситаларини ривожлантириш орқали инвестициявий фаолиятни рағбатлантириш ҳам фаол тарзда олиб борилмоқда.

Учинчидан, рақамлаштириш ва давлат хизматларини масофавий тақдим этиш орқали инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда бюрократик тўсиқлар ва чекловларни тўлиқ бартараф этиш учун инвесторлар ва давлат ўртасидаги муносабатлар оптималлаштирилмоқда. Шаффофликни максимал даражада таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш учун хорижий инвесторларнинг мурожаатлари ва сўровлари билан ишлашни ташкил этиш сифати яхшиланмоқда.

Тўртинчидан, иш кучи ва капиталнинг иқтисодиётнинг қонуний секторларидан яширин иқтисодиётга оқиб кетишига олиб келадиган транзакция харажатларининг камайиши кузатилмоқда.

Бешинчидан, келгусида технологик ютуқларга эришиш нуқтасига айланиши ва кейинги 20-30 йил давомида мамлакат ишлаб чиқариш қувватларини ривожланиши учун замин яратиши мумкин бўлган Ўзбекистоннинг энг истиқболли соҳаларига йўналтирилган инвестиция сиёсати стратегияси ишлаб чиқилмоқда.

Инвестиция муҳити мамлакатдаги барча фаолият соҳаларига таъсир кўрсатишини инобатга олган ҳолда, ислоҳотлар кўлами иқтисодий, институционал, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, энергетика, транспорт ва бошқа йўналишларни қамраб олди.

Шунингдек, тадбиркорларни ва инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини амалий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишдаги энг ёрқин мисол - бу 2020 йилда тузилган экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг фаолияти бўлиб, унинг вазифаларига тадбиркорлар ва экспортчилар билан яқин ҳамкорлик қилиш, пандемия туфайли юзага келган чекловлар билан боғлиқ муаммоларни тахлил қилиш, шунингдек, ҳар бир тадбиркорлик субъектининг муаммосини ҳал қилишда индивидуал ёндашув асосида тезкор ва самарали ечимларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш киради.

Ўтган йил якуни бўйича Комиссия аъзоларининг жойларга чиққан ҳолда олиб борган фаолияти натижасида 98 мингдан ортиқ корхоналар фаолияти манзилли тартибда ўрганилди ва натижада 5902 та корхоналарнинг 6235 та муаммоли масалалари аниқланди. Муаммоларнинг ҳар бири тегишли вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимият органлари ва Республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан яқин ҳамкорликда ҳал этилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech