Русский Ўзбекча English

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида 21 та эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) мавжуд бўлиб, улардан 19 таси саноат, 1 таси қишлоқ хўжалиги ва 1 таси туризм соҳасига ихтисослашган.

2008 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида 2,4 миллиард долларлик жами 448 та лойиҳалар амалга оширилди. Умумий суммадан 764,6 млн долларни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этади. Лойиҳалар ҳисобига 34 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Ушбу лойиҳаларнинг энг йириги Ангрен ЭИЗ (730,7 млн долларлик 73 та лойиҳа), "Ургут" ЭИЗ (312,9 млн долларлик 55 та лойиҳа), "Навоий" ЭИЗ (282,8 млн долларлик 53 та лойиҳа) ва "Буҳоро-агро" ЭИЗда (325,1 млн долларлик 112 та лойиҳа) амалга оширилди.

2020 йил якунига қадар фаолият кўрсатаётган ЭИЗ ҳудудларида умумий қиймати 487,4 млн долларга тенг бўлган 128 та лойиҳа амалга оширилди. Шундан 162,1 млн долларни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этади. Лойиҳалар замонавий иссиқхоналар қуриш (204,7 млн долларлик 62 та лойиҳа), қурилиш материаллари ишлаб чиқариш (140 млн долларлик 18 та лойиҳа), кимё ва нефть-кимё саноати (50,6 млн долларлик 13 та лойиҳа), озиқ-овқат саноати (15,9 млн долларлик 10 та лойиҳа), тўқимачилик саноати (20,1 млн долларлик 8 та лойиҳа), машинасозлик (6 млн долларлик 2 та лойиҳа), чарм-пойаббзал саноати (14,9 млн долларлик 5 та лойиҳа), электротехника саноати ( 13,7 млн долларлик 3 та лойиҳа), фармацевтика саноати (56,3 млн долларлик 6 та лойиҳа), мебель ва қоғоз ишлаб чиқариш (1,1 млн долларлик 1 та лойиҳа) каби соҳаларни қамраб олди.

Кўриб чиқилаётган даврда ЭИЗ иштирокчи корхоналар 11,9 трлн сўмлик 538 турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариб, 257,6 млн долларлик маҳсулотларни экспорт қилдилар, бу эса пандемиянинг салбий иқтисодий оқибатларига қарамай, 2019 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 145 фоизга ошди. Шунингдек, 186 та янги корхона ЭИЗ иштирокчиси мақомини олди.

Эркин иқтисодий зоналар ривожланишини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Хусусан, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ҳужжат билан ЭИЗларни яратиш, улар фаолият кўрсатишининг муддатини узайтириш ва тугатиш, чегараларини ўзгартириш тартиби белгиланди ҳамда уларни бошқариш тизими, ўз ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаш тамойиллари, шунингдек, ЭИЗ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби қайта кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, ҳужжатда ЭИЗ ҳудудида инфратузилма объектларини қуриш ёки қайта таъмирлаш ишлари марказлаштирилган ҳамда номарказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши мумкинлиги назарда тутилган.

ЭИЗларни зарур инфратузилма билан таъминлаш уларнинг самарали ишлаши ва янги инвесторлар ва тадбиркорларни ўз ҳудудларида лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилишнинг асосий омили ҳисобланади. Шу муносабат билан, 2021 йилда мавжуд ЭИЗни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш бўйича ишларни бажариш учун 890 млрд сўм ажратиш режалаштирилган.

Хусусан, бу ЭИЗдаги инвестиция фаолиятининг ижобий прогнозлари билан боғлиқ. 2021 йилда Республиканинг эркин иқтисодий зоналарида қиймати 2,9 млрд долларлик 443 та янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган, улардан 1,4 млрд доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 552 янги турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва 41,6 минг янги иш ўринлари яратилади.

Бундан ташқари, жорий йилда “Бухоро-агро” ЭИЗ, “Ғиждувон” ЭИЗ ва “Ургут” ЭИЗ ҳудудларини кенгайтириш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида янги эркин иқтисодий зонани - “Қорақалпоғистон-агро” ва Фарғона вилоятидаги иккита махсус эркин иқтисодий зоналар - "Андижон-текстайл" ва "Наманган-текстайл"ни ишга тушириш режалаштирилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech