Русский Ўзбекча English

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида инвестиция, саноат ва экспорт фаолиятини кучайтириш борасидаги ишларнинг асосий йўналишлари белгиланди

Жорий йилнинг 19-20 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида ҳамда вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Андижон ва Наманган вилоятларининг инвестиция, саноат ва экспорт имкониятларини ўрганиш ҳамда ушбу ҳудудларнинг мавжуд иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга қаратилган биринчи даражали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган ишлар якунларини сарҳисоб қилди. Тегишли ишчи гуруҳлари томонидан ушбу вилоятларда жойларга чиққан ҳолда 15дан 20 сентябргача иш олиб борилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил июнь ойида Фарғона вилоятига амалга ошириган ташрифи чоғида берилган кўрсатмалар ижросининг таҳлили ҳам олиб борилди.

Иш жараёнида корхоналарга чиққан ҳолда Андижон вилоятида барча 7914та, Наманган вилоятида эса 6098та саноат объектларининг жорий ҳолати таҳлил қилинди.

Натижада ишлаб чиқариш фаолиятида 1105та корхона муаммоларга дуч келганлиги, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш ва технологик ускуналарни сотиб олиш учун кредит ресурсларини олиш, мухандислик коммуникацияларига уланиш, ишлаб чиқариш учун хом ашёни олиб келиш, рухсат берувчи ҳужжатлар ва лицензиялар олиш, ер майдонларини ажратиш, олдиндан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтариш, дебитор қарзларини ундириш ва илгари олинган кредитлар бўйича тўловларни таркибий ўзгартиришга муҳтож эканлиги аниқланди.

Аниқланган масалаларни зудлик билан ҳал этиш мақсадида манзилли қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш ва ишлаб чиқариш объектларини лойиҳавий қувватларига белгиланган муддатларда олиб чиқиш мақсадида иккала вилоятлардаги ҳар бир корхонага тегишли тармоқ идоралари ва бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда вилоят туман ва шаҳарлар ҳокимликлари масъул раҳбарлари бириктирилди.

Ҳар икки вилоятнинг ҳудудий инвестиция дастурлари қайта кўриб чиқилди - ишлаб чиқаришнинг юқори суръатлари, экспорт ва яратилган иш ўринлари сони билан ажралиб турадиган иқтисодий нуқтаи назардан энг истиқболли инвестиция лойиҳалари танлаб олинди. Ушбу лойиҳаларни жорий йил охиригача фойдаланишга топшириш мақсадида уларнинг амалга оширилиши тезлаштирилади.

Андижон вилоятининг Ҳудудий инвестиция дастури 21,3 трлн сўмлик 994та инвестиция лойиҳани қамраб олган. Оптималлаштиришдан сўнг қиймати 167 млрд сўм бўлган 17та лойиҳани фойдаланишга топшириш муддати 2021 йилдан 2020 йилга кўчирилди. Шу билан бирга қиймати 75 млрд сўмлик 13та лойиҳалар амалга оширилиши 2021 йилга ўтказилди.

Наманган вилоятида Дастур билан 25 трлн сўмлик 1994та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Дастурни қайта кўриб чиқиш натижасида 1,8 трлн сўмлик 95та лойиҳанинг амалга оширилиши 2020 йилга ўтказилди ҳамда 1,4 трлн сўмлик 153та лойиҳанинг ишга тушириш муддатлари 2021 йилга кўчирилди.

Шунингдек, Ҳукумат комиссиясининг фаолияти доирасида маҳаллий бозорларда юқори талабга эга ва маҳаллий саноат корхоналари томонидан фойдаланадиган маҳсулотларнинг импорт ўрнини босишга қаратилган бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Андижон вилоятида амалдаги маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2020 йилда 226 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган ва бунга қўшимча равишда Ҳукумат комиссияси аъзолари томонидан 212 янги, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Наманган вилоятида 42та янги лойиҳа шакллантирилиб, маҳаллийлаштириш дастурига киритилди. Жами ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишининг 230,5 млн долларга ўсиши таъминланади.

“Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонаси ва Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган 11та кичик саноат зоналари фаолияти атрофлича ўрганилди. Қарийб 2,3 мингта янги иш ўрни яратилишини назарда тутган умумий қиймати 101,8 млрд сўмлик 133та инвестициявий лойиҳалар шакллантирилди. 2020-2021 йиллар давомида Андижон вилояти кичик саноат зоналарининг муҳандислик коммуникацияларига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун 196,5 млрд сўм ажратилади. Шунингдек, вилоятда 10та янги кичик саноат зоналарини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Наманган вилоятининг фаолият кўрсатаётган кичик саноат зоналарида 969,9 млрд сўмлик 201та лойиҳа амалга оширилмоқда, шундан жорий йилда 6,8 мингта янги иш ўринлари яратишга мўлжалланган қиймати 819,1 млрд сўмлик 189та лойиҳа ишга туширилади. Ушбу ҳудудда 18та мавжуд ва янги кичик саноат зоналарини канализация, газ, электр энергияси ва сув таъминоти тармоқларига улаш учун 23,1 млрд сўм ажратилади.

Мазкур ҳудудларда мавжуд бўлган қўшимча қиймат занжирларини атрофлича ўрганиш ишлари амалга оширилиб, уларни ривожлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Бунинг учун Андижон вилоятида иқтисодий ўсишнинг устувор йўналишлари, хусусан, тўқимачилик соҳаси, ипакчилик, фармацевтика, озиқ-овқат, чарм-пойабзал саноати ажратилиб, ушбу соҳаларда тўлиқ ишлаб чиқариш цикллари ташкил этиладиган 32та илмий-саноат кластерини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Наманган вилоятида ҳам худди шу тартибда қурилиш материаллари, тўқимачилик, фармацевтика, чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқаришда 18та кластерларни яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

"Ўзстандарт" Агентлиги Андижон ва Наманган вилоятларида синов лабораториялари ва яратилаётган ишлаб чиқариш кластерларида ишчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларини ташкил этиш бўйича чоралар кўради.

Наманган вилоятида Ҳукумат комиссияси фаолияти давомида ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши саноат маҳсулотларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини прогноз кўрсаткичларига нисбатан 107% ошириб, 11,4 трлн сўмгача етказиш ҳамда 37,8 минг янги иш ўринларини яратиш ва бюджетга 1,7 трлн сўм миқдорида тушумларни келиб тушишини таъминлашга имкон беради, бу эса тасдиқланган прогнознинг 106,3 фоизини ташкил этади.

Андижон вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилда 36,4 трлн сўмгача етказилади, бу эса прогноз кўрсаткичларнинг 104,5 фоизини ташкил этади. 29,3 минг янги иш ўрни яратилиб, бюджетга тушумлар ҳажми 2,0 трлн сўмни (тасдиқланган прогнонинг 125 фоизи) ташкил этади.

Мўлжалланган тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши устидан назорат Бош прокуратура томонидан доимий равишда амалга оширилади. Ҳар ойда ишлаб чиқилган дастурлар бажарилиши Ҳукумат комиссиясининг алоҳида йиғилишларида кўриб чиқилади.

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Комиссия аъзолари Фарғона вилоятида алоҳида иш олиб бордилар - улар жорий йилнинг август ойида Комиссиянинг вилоятга ташрифи чоғида саноатни ривожлантиришни жадаллаштириш, саноат кластерларини ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ишлаб чиқилган амалий чора-тадбирлар режаси ижросини таҳлил қилишди.

Режалаштирилган 173 та чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили ўтказилди ва тадбиркорлар дуч келаётган айрим масалалар, жумладан, дебиторлик қарзларни ундириш, кредит ресурсларини ажратиш, олдин тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш, муҳандислик коммуникацияларига уланмаганлиги ва зарур рухсатномалар олиш билан боғлиқ саволлар ечимида кечикишлар мавжудлиги аниқланди.

Шу муносабат билан мазкур масалаларни ҳал этиш учун масъул вазирлик, идора ва тижорат банклари масъул раҳбарларига Фарғона вилоятига келиб, тадбиркорлар билан яқиндан ишлаш ва мавжуд муаммоларни тўлиқ ҳал этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Ҳудудий дастур доирасида 2020 йилда Фарғона вилоятида қиймати 6,9 трлн сўмлик 697 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, 20,6га яқин янги иш ўрни яратилади. Ушбу йўналишда кредитлар ажратиш билан боғлиқ бир қатор ҳал этилмаган масалалар аниқланиб, улар муносабати билан тижорат банклари раҳбарларига ҳар бир алоҳида ҳолатни пухта ўрганиш ва инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларига молиявий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш топширилди.

Вилоятда саноат кооперациясини ривожлантириш ва тўлиқ қиймат занжирларини яратиш мақсадида 26 та саноат кластерларига бирлаштириладиган 47та янги юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар таҳлили озиқ-овқат, электротехника, ипак ва мебель саноатида бир қатор кластерлар бўйича режалаштирилган чораларни амалга оширишда кечикишлар мавжудлигини кўрсатди. Тармоқ идораларининг масъул раҳбарларига маҳаллий ҳокимликлар ва тижорат банклари раҳбарларига масалалар ечимини аниқ белгилаб берилган муддатларда ҳал этилишини таъминлаш топширилди.

Маҳаллийлаштириш йўналишида шунга ўхшаш масалалар аниқланди - Комиссия иши давомида август ойида 132,6 млрд сўмлик 42та қўшимча импорт ўрнини босувчи лойиҳалар ишлаб чиқилди, шундан 2020 йил охирига қадар 23та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган эди. Шу билан бирга, ҳудудий маҳаллийлаштириш дастурига киритилган 62 та лойиҳанинг ишга туширилиши ҳисобига 2020 йилнинг январь-август ойлари мобайнида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар 323,6 млрд сўм миқдорида ишлаб чиқарилди ва бу тасдиқланган кўрсаткичлардан 1,5 баробар ошди.

Фарғона вилоятининг эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш соҳасидаги масалалар алоҳида тартибда кўриб чиқилди, уларнинг аксарияти муҳандислик инфратузилмасини ривожлантиришни молиялаштириш ва ЭИЗ ва КСЗ объектларини канализация, газ, электр ва сув таъминоти тармоқларига улаш билан боғлиқ эди.

Умуман, Ҳукумат комиссияси томонидан Фарғона вилоятида олиб борилган фаолияти давомида белгилаб берилган чора-тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида жорий йил охирига қадар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,4 трлн сўмга етказилиб, прогноз кўрсаткичларнинг 103 фоизини ташкил этади ва 16 минг янги иш ўрни яратилади. Шу билан бирга, саноат корхоналари солиқ тўловларининг ҳажми жорий йил охиригача 2,6 трлн сўмгача ошади ва тасдиқланган прогнознинг 118%ни ташкил этади.

Ҳукумат комиссияси ҳудудларда амалга оширилаётган ишларнинг энг юқори самарадорлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлар, саноат корхоналарга, инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларига ва Республиканинг барча ҳудудлардаги экспортчиларга самарали ёрдам бериш мақсадида тасдиқланган чоралар ижросини мунтазам назорат қилиб боришда давом этади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech