Русский Ўзбекча English

Бухоро ва Навоий вилоятлари тадбиркорлари масалаларини ҳал этиш ишлари фаол давом этмоқда

Жорий йилнинг 21 апрель куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан Бухоро ва Навоий вилоятларида тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувлар доирасида берилган кўрсатмалар ижроси, шунингдек, ушбу ҳудудларда инвестициявий ва ташқи савдо фаолияти билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.

Бухоро вилоятига ташриф якунлари бўйича жами 320та тадбиркорнинг мурожаати эшитилиб, 378та муаммоли масала кўтарилди, Навоий вилоятига ташриф давомида эса 217та тадбиркорнинг мурожаати тингланди ва 229та муаммоли масала тилга олинди.

Аниқланган муаммоларни ҳал этиш ва тадбиркорларга, инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига, экспортчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Кўтарилган масалаларни ҳал этишни ниҳоясига етказиш юзасидан аниқ амалий чоралар кўришни назарда тутиб, ушбу йўналишдаги ишларни кучайтиришга оид кўрсатмалар берилди.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳудудий инвестиция дастурлари амалга оширилиши ҳам ўрганилди. Айни пайтда ушбу дастурлар доирасида Бухоро вилоятида умумий қиймати 8,8 трлн сўмлик 665та лойиҳа амалга оширилиши ва 17,1 мингта янги иш ўрни яратилиши, Навоий вилоятида эса 4,0 трлн сўмлик 401та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши ва шунинг ҳисобига 8,6 мингта иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг тармоқлар ва тижорат банклари кесимида амалга оширилиши таҳлил этилди ва ишлаб чиқариш объектларини ишга туширишни жадаллаштириш юзасидан топшириқ берилди.

Экспорт қилувчиларга экспортолди молиялаштиришга кредит ресурсларини ажратиш масалалари алоҳида тартибда кўриб чиқилди. Айни пайтда Республикада жами 2,1 трлн сўм ҳажмда экспортолди молиялаштиришга эҳтиёжи бор 346та корхона аниқланган. Шу билан бирга, 172 та экспортчига 1,5 трлн сўм тўланган бўлиб, шундан 560 млрд сўмга яқин қисми Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган. Тижорат банкларининг мутасадди раҳбарларига тадбиркорлардан тушган барча аризаларни имкон қадар тезроқ ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларга юқорида қайд этилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг йўналишлари доирасида белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech