Русский Ўзбекча English

Инвестициялар ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича ишлар давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг инвестициялар масалалари комплексига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари билан учрашди.

Тадбирда Республика вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, вилоят ҳокимларининг маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича ёрдамчилари ҳамда эркин иқтисодий зоналар раҳбарлари - жами 300 нафардан ортиқ киши иштирок этди.

Шу ойда ушбу раҳбарлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясида етакчи маҳаллий ҳамда Ўзбекистонда филиаллари бор бўлган хорижий олий таълим муассасаларининг ўқитувчи ва мутахассисларини жалб этган ҳолда ташкил этилган махсус семинарларда ўқидилар. Ўқув машғулотлари “Лойиҳаларни бошқариш”, “Стратегик менежмент, ўзгаришларни бошқариш ва танқидий фикрлаш”, “Ташқи савдо фаолиятини ривожлантириш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда уларни тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаш” йўналишларида ўтказилди. Семинар иштирокчилари Стратегик ривожланиш агентлигидаги Лойиҳа офиси ва республиканинг ҳар бир туман ва шаҳрида очилаётган лойиҳа гуруҳлари фаолиятининг айрим жиҳатлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тадбиркорларни танлаш тамойиллари, уларни молиялаштириш механизмлари, холдинг компаниялари ишини йўлга қўйиш, Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси имкониятлари билан танишдилар. Ўқув жараёнига тадбиркорлар таклиф этилди, улар лойиҳани амалга ошириш ва экспорт фаолияти бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Бу эса, ўз навбатида, амалий машғулотларни ўтказиш ва реал ҳолатлар мисолида аниқ муаммоларни кўриб чиқиш ҳамда оптимал ечимларни ишлаб чиқиш имконини берди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда семинарлар тўғрисида маълумот тингланди, шунингдек, инвестицияларни рағбатлантириш, саноат корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва экспортни оширишнинг янги тизимини амалиётга жорий этиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берилди. Жойларда самарали ишларни ташкил этиш ва янги механизм асосида келгуси йил учун ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантиришга оид масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, тасдиқланган инвестиция дастурлари ижросини таҳлил қилиш ва алоҳида лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича самарали чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Инвестициявий лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга оширишнинг янги самарали тизимини жорий этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича ишлар жадаллаштирилади. Унда лойиҳа гуруҳларига қўйиладиган талаблар, лойиҳа гуруҳлари раҳбарлари фаолиятининг натижадорлик кўрсаткичларини белгилаш тамойиллари, холдинг компаниялари томонидан ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш ва молиялаштириш тартиби назарда тутилади.

Янги механизмни ҳудудларда жорий этишни мувофиқлаштириш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси ходимлари ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти томонидан амалга оширилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech