Русский Ўзбекча English

Оролбўйи минтақасининг экологик барқарорлигини таъминлаш бўйича ИТСВ ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Тошкентда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидовнинг БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори вазифасини бажарувчи Ю Ю ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили Матильда Димовска билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда БМТ агентликлари ўртасида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси фаолияти доирасида келгусидаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, Траст жамғармаси томонидан лойиҳаларни молиялаштириш бўйича 3-танловнинг йўналишлари ҳамда уни эълон қилиш саналари кўриб чиқилди.

Шунингдек, томонлар Траст жамғармаси Бошқарув қўмитасининг навбатдаги йиғилишини ташкил этиш ва унинг кун тартибини шакллантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташаббуси билан жорий йилнинг 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш бўйича қабул қилинган махсус резолюциясини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари ўрганилди.

Учрашув якунида манфаатдор вазирлик ва идораларни жалб қилган ҳолда, лойиҳаларнинг асосий йўналишларини, жумладан, Муйнак шаҳрида Кўп тармоқли шифохона қурилиши масаласини қўшимча равишда муҳокама қилишга келишиб олинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech