O'zbekcha Русский Ўзбекча English

Самарқанд вилоятида инвестициявий ва саноат фаолиятини кучайтириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди

Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида тадбиркорлар ва инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари билан учрашди.

Жойларга ташриф буюрган ҳолда ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган маҳсулот ҳажмини кўпайтириш ҳамда ички ва ташқи бозорда харидоргир янги турдаги маҳсулотлар яратишни йўлга қўйиш мақсадида корхоналардаги технологик жараёнлар, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш истиқболлари ўрганилди.

Тадбиркорлар ва инвесторлар амалда дуч келадиган тизимли ва хусусий характердаги масалалар ҳам кўриб чиқилди ва бевосита жойларда уларни ҳал қилиш алгоритмлари ишлаб чиқилди.

Вилоятнинг инвестициявий ва саноат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига маҳаллий бизнес вакилларининг муаммоларини ҳал қилиш юзасидан аниқ вазифалар берилди.

“Тармоқ бирлашмаси – маҳаллий ҳокимият органи – тадбиркор” боғланмаси доирасида мувофиқлаштирилган ҳамкорлик ҳудудий даражада қатор долзарб масалаларни, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш, саноат ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва бошқа вазифаларни ҳал этиш имконини бериши таъкидланди.

Ташриф якунлари бўйича мутасадди раҳбарларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини амалий қўллаб-қувватлашни фаоллаштириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech