Русский Ўзбекча English

Татаристон Республикаси билан келишувларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Татаристон Республикаси Президенти Р.Минниханов раислигида видеоконференция шаклида асосий вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва ишлаб чиқариш компаниялари иштирокида Ўзбекистон ҳудудлари ва Татаристон ўртасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича кенгайтирилган музокаралар ўтказилди.

Музокаралар чоғида Р.Миннихановнинг шу йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этилишининг жорий ҳолати кўриб чиқилди.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари амалга оширилган ишлар ҳисоботларни тақдим этдилар ҳамда келишилган лойиҳаларни илгари суриш ва мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича кейинги саъй-ҳаракатлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Шунингдек, геология-қидирув, нефть-газ, нефть-кимё, машинасозлик, чарм-пойабзал, ахборот-коммуникация ва агрологистика соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида эксперт ва раҳбарлар даражасида мунтазам муҳокамалар ўтказиш ҳамда вазирлик, идора ва йирик компаниялар вакилларидан иборат делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш орқали яқиндан ҳамкорлик қилиш механизмини яратиш бўйича келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech