Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги масалалари муҳокама этилди

Жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Б.Султанов билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика ҳамкорлигининг жорий масалалари муҳокама этилди.

Ўзбек – қозоқ иқтисодий ҳамкорлигининг жадал суръатлар билан ўсиб бораётган даражасини ижобий баҳолаб, томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо тўсиқларини бартараф этиш орқали ўзаро савдо айланмасини ошириш учун улкан ишга солинмаган имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ҳудудларида “Марказий Осиё” халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик маркази (ХСИҲМ)ни ташкил этиш лойиҳасининг амалий аҳамияти қайд этилди. Мулоқот чоғида томонлар ушбу лойиҳа амалга оширилиши икки мамлакат ўртасидаги транспорт-логистика сиёсати борасидаги муносабатларни самарали ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ишлаб чиқариш маҳсулотларини истиқболли бозорларга етказиб бериш вақти ва молиявий харажатларини сезиларли даражада камайтиришга имкон беришини таъкидладилар.

Томонларнинг фикрича, Марказнинг ташкил этилиши ҳудудлараро саноат кооперациясини рағбатлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ўзаро инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратади.

Яқин келажакда лойиҳанинг амалий ижросини бошлашга ниятларини билдириб, томонлар бир қатор долзарб масалаларни кўриб чиқдилар ва улар юзасидан ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқдилар.

Музокаралар якунида иштирокчилар икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ўсишини таъминлаш бўйича ишларни давом эттиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech