Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва БАА инвестициявий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Бирлашган Араб Амирликларининг энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруи билан музокаралари бўлиб ўтди.

Видеоконференция давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларининг кенг кўлами ҳамда стратегик шерикликнинг асосий йўналишлари ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Икки томонлама келишувларни амалга оширишда эришилган муҳим ютуқлар таъкидланди. Жумладан, устав капитали 1 млрд долларга тенг бўлган Ўзбекистон – БАА қўшма инвестиция компанияси ўз операцион фаолиятини бошлади, Талимаржон электростанциясининг “Mubadala” компанияси томонидан хусусийлаштириш лойиҳаси доирасида электр энергиясини сотиб олиш бўйича инвестициявий битимини келишиш жараёни ниҳоясига етмоқда, Самарқанд шаҳрининг инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда Самарқанд шаҳрида 4 юлдузли меҳмонхона ва савдо маркази қурилишини молиялаштириш учун Абу Даби тараққиёт жамғармаси томонидан 300 млн доллар ажратилиши маъқулланди.

“Masdar” компанияси билан ҳамкорликда сезиларли ютуқларга эришилди - 2020 йил январь ойида Навоий вилоятида шамол электростанциясини қуриш лойиҳаси бўйича асосий юридик битимлар имзоланди. Ушбу минтақада 100 МВт қувватига эга қуёш электростанциясини қуриш лойиҳаси доирасида қурилиш ишларига тайёргарлик ҳам якунланди. “Masdar” унинг қурилиши учун тендерда 2019 йил октябрь ойида ютиб чиққан эди, ва ноябрь ойининг ўзида амирликдаги шериклар билан инвестиявий битим ва электр энергияни сотиб олиш бўйича битим имзоланди.

Амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг амалий жиҳатлари алоҳида кўриб чиқилди ва уларнинг жорий этилишини тезлаштириш бўйича кейинги ҳаракатлар белгилаб олинди.

Шунингдек, нефть-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, телекоммуникациялар, соғлиқни сақлаш, туризм ва молия секторларида янги инвестициявий лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали инвестициявий ҳамкорликни ва саноат кооперациясини кенгайтириш учун имкониятлар муҳокама қилинди.

Ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини аниқлаш ва аниқ лойиҳалар ва ташаббусларнинг инвестициявий жозибадорлигини таҳлил қилиш учун тегишли маслаҳатчиларни жалб қилиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар илғор Амирликлар тажрибаси ва технологияларини жалб қилиш, шунингдек коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган қўшма чораларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech