Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамлар кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Қирғизистон Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчи А.Новиков билан телеконференцалоқа орқали музокаралари бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг кенг доирадаги масалалари муҳокама қилинди ва ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича "Йўл харитаси"ни келишиш юзасидан ишларни тезкор равишда ниҳоясига етказишга содиқлик, шунингдек, келишилган ташаббусларни амалга оширишга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Суҳбат давомида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш ва биргаликда экспорт қилиш соҳасида, тўқимачилик маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кейинги қадамлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, кун тартиби доирасида ўзаро савдо кўрсаткичларининг юқори динамикасини сақлаб қолиш, хусусан, икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида савдо-логистика марказларини яратиш ва савдо тўсиқларини бартараф этиш бўйича изчил чора-тадбирларни кўриш мақсадида амалий ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари, яъни икки мамлакат ҳудудлари орқали юкларни комбинациялашган ҳолда ташишни ташкил этиш ва мавжуд автотранспорт йўлакларидан максимал даражада самарали фойдаланиш мақсадида йўл инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишнинг истиқболли чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича истиқболли таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида икки мамлакат транспорт вазирликлари раҳбарлари даражасида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Музокаралар якунида эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларини жалб қилган ҳолда видеоконференцалоқа орқали мунтазам равишда кенгайтирилган музокараларни олиб бориш механизмини йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди. Ушбу шаклда биринчи музокараларни жорий йил декабрь ойининг бошида ўтказиш режалаштирилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech