Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Исроил Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Зехавит Бен Ҳиллель билан учрашув ўтказди. Унда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳақида конструктив фикр алмашилди.

Учрашув чоғида Исроил дипломатик миссияси раҳбари Исроил ҳукумати Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ниятида эканини билдирди. Шу муносабат билан томонлар Ўзбекистон ва Исроил бизнес вакиллари ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда ишбилармонлик муносабатларини рағбатлантириш учун ҳар икки тараф тегишли вазирликлари ўртасида яқин алоқа ўрнатиш муҳимлигини таъкидлади.

Томонлар қўшма инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш, шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва маҳсулотлар турларини диверсификация қилиш бўйича қўшма ишларни жадаллаштиришга тайёр эканликларини қайд этдилар. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг устувор тармоқлари ва ижтимоий соҳага Исроилнинг инвестициялари ҳамда илғор технологияларини жалб этишнинг истиқболли механизмлари кўриб чиқилди.

З.Ҳиллель қишлоқ хўжалиги, сувни тежаш технологиялари йўналиши, ахборот-коммуникация  ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича Исроил бизнес вакилларида инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйишга жиддий қизиқиш борлигини маълум қилди.

Экология, ветеринария, чорвачилик, ўрмон хўжалиги ва боғдорчилик тармоқларида ҳам муносабатларни йўлга қўйиш истиқболлари юқори баҳоланди. Айни жиҳатдан келиб чиқиб, яқин келажакда Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “MASHAV” Халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорлик битимини имзолаш ва унинг кўмагида ўзбекистонлик давлат хизматчиларининг юқорида номлари келтирилган соҳаларда малака оширишига қаратилган қатор ўқув - семинарлари ва ўқув машғулотлари ташкил этиш борасида дастлабки келишувга эришилди.

Шунингдек, 2021 йилда Тел-Авив шаҳрида савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Исроил Ҳукуматлараро комиссияси (ҲК)нинг биринчи йиғилишига тайёргарлик кўриш жараёни муҳокама қилинди. Томонлар ҲК доирасида икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида кенг қамровли бизнес-форумни ташкил этиш ва яқин келажакда режалаштирилган тадбирлар муддатлари ҳамда кун тартиби бўйича таклифлар алмашишга келишиб олди.

Учрашув якунлари бўйича аниқ инвестиция лойиҳалари ва ўзаро манфаатли савдо битимлари билан икки томонлама ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини бойитиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва ТИВ ҳамда Исроил Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech