Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон ва Туркия савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркия Республикаси савдо вазири Рухсар Пекжан билан учрашди.

Учрашув доирасида, шунингдек, Туркия экспортчилари ассамблеяси, Туркия тадбиркорлар ва ҳунармандлар уюшмаси, Туркия пудратчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди.

Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётига Туркия инвестициялари оқимининг жадал ўсиши билан тавсифланадиган инвестициявий ҳамкорлик соҳасидаги тенденцияларни муҳокама қилдилар, шунингдек, Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган турк тадбиркорларига тизимли ёрдам кўрсатишга ўзаро содиқлигини таъкидладилар.

Учрашувда, шунингдек, икки томонлама савдо муносабатларини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 5 млрд долларга етказиш мақсадида савдо айланмасини ошириш бўйича навбатдаги қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Шу нуқтаи назардан, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари экспертларининг ўзаро ҳамкорлигини жадаллаштириш ва мавжуд масалалар бўйича ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқиш орқали Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини келишишни тезлаштиришга оид биринчи даражали вазифалар белгилаб олинди. Томонларнинг фикрича, Битимнинг имзоланиши икки давлат ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг мустаҳкамланишига сезиларли туртки беради.

Томонлар, шунингдек, электрон тижорат соҳасида амалий шерикликни йўлга қўйиш долзарблигини таъкидладилар ва бу борада икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида ҳозирги вақтда келишиш босқичида бўлган тегишли ҳужжатни яқин келажакда имзолашни белгилаб олдилар.

Бундан ташқари, икки мамлакат стандартлаштириш хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш орқали техник тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, аккредитация ва метрология соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Бунда ўзаро маҳсулот етказиб беришни амалга оширишда ўзбек ва турк ишлаб чиқарувчиларига тўсқинлик қилувчи ғовларни бартараф этиш умумий мақсад қилиб қўйилди.

Мулоқот чоғида Туркия томони Ўзбекистон томонидан халқаро иқтисодий маконга интеграциялашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади ҳамда музокаралар жараёнига жалб этилган ўзбек мутахассислари учун тренинглар ва маслаҳатлашувлар ташкил этиш орқали Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув ва музокаралар якунида “Ўзстандарт” Агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази ва Туркия Республикасининг Аккредитация агентлиги ўртасида “Ҳалол” стандартини жорий этиш борасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech